Баъзан бетоб инсоннинг оғир хасталикдан халос бўлиб, тезроқ оёққа туриши учун дори-дармон ва тиббий муолажаларнинг ўзи етарли эмас. Аввало, ишонч муҳим! Қолаверса, шифокорларнинг ширин сўзи, меҳр ва эътибори дардманд одамга катта далда, мустаҳкам тиргак бўлиши тайин.
Пойтахтдаги етакчи тиббиёт мутахассислари эса Хоразмга фақат шу мақсаднигина кўзлаб келмаган. Асосий миссия Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими олдига қўйган талабини адо этиш, яъни тиббий хизматни халққа янада яқинлаштиришдан иборат.
Шу кунларда Хоразм вилоятида яшовчи кўплаб беморлар буни ўз ҳаётида яққол ҳис қилмоқда.
Чунки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси доирасида тизим мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, Тошкентдаги етакчи шифохоналар, тиббиёт олий ўқув юртлари шифокорларидан таркиб топган гуруҳ чекка ва олис маҳаллалар, ҳатто хонадонларгача кириб бормоқда.
Навбатдаги манзил — Хонқа тумани. Бу ерда ташкил этилган сайёр тиббий қабулга нафақат шу ҳудуд, балки қўшни Янгиариқ, Боғот ва Урганч туманлари аҳолиси ҳам келди.
Уларнинг ҳар бири соғайишдан умидвор. Давлатнинг кўмагига муҳтож…
Сайёр қабул иштирокчилари дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилди. Шундан сўнг улар беморлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди.
Муаммоли масалалари бор фуқароларни эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари қабул қилиб, мурожаатларига тезкор ечим топиш чораларини кўрди.
Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ аҳоли вакилларига шу жойнинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.
Масалан, сайёр тиббий қабул бошланганидан кўп ўтмай Боғот туманилик бемор, эллик ёшли Арслон Худайбергановни тиббий текширувдан ўтказган шифокорлар унда гемоглабин миқдори кескин пасайиб кетганини аниқлади.
Бундай шароитда ҳар дақиқа қадрли. Шу боис мутахассислар бу ерга дарҳол тез тиббий ёрдам машинасини чақириб, Арслон акани шифохонага олиб кетди.
Дилфуза Султонова — Хонқа туманидан. Тўққиз ёшли қизалоғини кўтариб олган. Кўзларида мунг. Чунки фарзанди Севинчой — оғир хаста. Ўнг томонлама гидроцифалия касаллиги билан туғилган. Юролмайди, эркин ҳаракатланишга ожиз.
Меҳрибон онани эса жигарбандининг тўққиз йиллик дарди эзиб қўйган. Тошкентда керакли муолажаларни олишга эса моддий имконияти етмайди.
Сайёр тиббий қабулда шифокорлар унинг мурожаатига қулоқ тутди. Севинчой пойтахтдаги Болалар миллий тиббиёт марказида давлат ҳисобидан даволанадиган бўлди.
“Хавотир олманг, қизингизни тузатамиз, ҳали чопқиллаб юриб кетади” деган сўзлардан кейин муштипар онанинг кўзларидан севинч ёшлари сизди.
Яна бир бемор — Азизбек Норбоев 23 ёшда. II гуруҳ ногирони. Туғилганидан буён кўзлари хаста. Дунёни ёрқин рангларда кўра олмайди.
Акция давомида унинг ҳам дардига дармон топилди. Азизбекнинг кўз гавҳари юқори технологик операция орқали пойтахтда давлат ҳисобидан алмаштирилиши белгиланди.
Янгиариқ туманилик Гулшан Жуманиёзова эса бу ерга қўлтиқтаёқ ёрдамида кириб келди. Шифокорлар беморнинг икки тизза бўғимида ҳаракатлари кескин чекланганини аниқлашди.
Унда зудлик билан эндопротезлаш амалиётини ўтказиш зарур. Мутасаддилар Гулшанни Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида муолажа қилишга қарор қилди.
Сайёр тиббий қабулда бошқа юзлаб беморлар билан ҳам мулоқот ўтказилиб, уларнинг саломатлигини тиклаш билан боғлиқ муаммоли масалаларига жойида амалий ечим топилди.
Соғломлаштириш акцияси давом этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
Leave a Comments