Дунёда ҳар ким бахтли яшашга ҳақли. Аммо оғир хасталиклардан азият чекаётган, вужуди оғриқлардан азобланаётган инсонга қувончу шодлик татирмиди?!
Бугун бу ерга асосан икки тоифа кишилар жам бўлган. Бири беморлар бўлса, бошқаси — оқ халатли нажоткорлар.
Дардмандларни қийнаётган муаммолар аниқ: оғир, сурункали ёки туғма касалликлардан тезроқ халос бўлиш учун уларга давлат кўмаги, энг кучли мутахассислар тавсиялари ва юқори технологик жарроҳлик муолажалари зарур.
Минг километр йўл босиб Тошкентдан Хоразмга келган шифокорлар эса имкон қадар кўпроқ беморларга нафи тегишидан умидвор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан воҳада ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси шундай эзгу мақсадлар рўёби учун кенг йўл очмоқда.
Мана, акциянинг яна бир муҳим куни. Вилоятнинг Янгибозор туманида шу ҳудуд ва унга ёндош туманларда истиқомат қилувчи беморлар учун сайёр тиббий қабул ташкил этилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев бошчилигидаги тизим мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, пойтахтдаги етакчи шифохоналар, тиббиёт олий ўқув юртларининг энг малакали мутахассислари — жами 150 нафардан зиёд гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, улар билан мулоқот ўтказди.
Жараён беморларга қулай бўлиши учун сайёр тиббий қабул манзили кираверишига маҳаллий тиббиёт ходимларидан иборат бригада жойлаштирилди. Уларнинг вазифаси бу ерга келувчи беморларни рўйхатга олиб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтиришдан иборат.
Боғ ичкарисидаги махсус бўлмалардан эса пойтахтдан ташриф буюрган тор соҳа мутахассислари ўрин эгаллади.
Уларнинг илк вазифаси — беморларни тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифлаш. Бу кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажмини туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олиш учун зарур.
Ўртада эса вазир аҳоли мурожаатларига қулоқ тутди. Уларнинг муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Мурожаатларнинг бир қисми эса вазирлик ва тиббиёт муассасалари мутасаддиларининг назоратига олинди.
Қолаверса, мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ аҳоли вакилларига шу ернинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.
Масалан, Янгибозор туманида яшовчи 68 ёшли Мунаввар Жуманиёзова ҳам бу ерга дард билан келган. Онахон икки йилдирки, юрак соҳасидаги оғриқлардан азият чекади. Томирларида ҳосил бўлган тромб қон босими тез-тез кўтарилиб кетишига сабаб бўлаётганди.
Вазир Мунаввар аянинг мурожаатини тинглади, хасталикдан тезроқ халос бўлиши учун шифокорларга тегишли топшириқлар берди. Шу тариқа унга Тошкентда давлат ҳисобидан даволаниши учун йўлланма расмийлаштирилди. Онахон эса кўзларидаги қувонч ёшларини яшира олмади.
Яна бир мурожаат эгалари икки ёшли жажжи бемор ўғли — Муҳаммадалини кўтариб келган. Болакай туғма юрак нусони билан дунёга келган. Қарийб 48 ойдирки, ота-онасининг ҳаловати йўқолган. Фарзандини пойтахтдаги етакчи шифохоналардан бирида даволатиш ниятида.
Сайёр тиббий қабул давомида ушбу мурожаат ҳам ўз ижобий ечимини топди. Муҳаммадалида тез кунларда юқори технологик операция ўтказиладиган бўлди.
Зафар Собировнинг хасталиги эса оёқларида. Тизза бўғимларидаги оғриқлар туфайли бир неча йилдирки, қўлтиқтаёқда юришга мажбур. Шифокорлар унда давлат хисобидан юқори технологик операция ўтказишга қарор қилишди. Бемор энди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида муолажа олади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотидан сўнг Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ўтказилган соғломлаштириш акциялари тиббиётни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Энди эса ушбу самарали механизм Хоразм вилоятида ҳам ҳаётга татбиқ этиляпти.
Бу орқали, аввало, маҳаллий аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликлар бўйича ҳудудлар кесимида касалликлар баланси ва беморлар рўйхатини шакллантириш мақсад қилинган.
Шундан сўнг хасталикка чалинганлар оғирлик даражаси бўйича таснифланиб, юқори технологик амалиётларга муҳтож тоифа Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этиляпти.
Хусусан, акция бошлангандан буён саноқли кунлар ичида вилоят тиббиёт муассасаларида 100 дан зиёд ана шундай мураккаб ва ноёб операциялар муваффақиятли бажарилгани қувонарлидир.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида 170 та тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 13 таси кўп тармоқли марказий поликлиника, 71 таси оилавий поликлиника, 26 таси оилавий шифокор пунктидир.
Бинобарин, 29 та стационар даволаш муссасаси аҳоли хизматида. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар стоматология поликлиникаси ҳамда 11 та туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимлари кичик ёшли беморлар саломатлигини тиклашга масъул.
Уларда тиббий хизмат сифати ва қамрови йил сайин ошиб бораётгани, албатта, ижобий ҳолат. Лекин тизимда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам кам эмас.
Хусусан, Хоразм вилояти Оролбўйи минтақаси ҳудудида жойлашгани боис воҳадаги экологик муаммолар аҳоли саломатлигига ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.
Бугун мазкур вилоятда яшовчиларнинг 25,2 фоизи сурункали касалликлар билан диспансер назоратида туради. Бу кўрсаткич 2021 йилда 28,6 фоиз, 2020 йилда 29,8 фоиз ва 2019 йилда 31,8 фоизни ташкил қилганини ҳисобга олсак, пасайиш динамикаси қайд этилаётгани эътиборга молик жиҳат.
Аммо юртимизда тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, кадрлар салоҳияти оширилаётган, замонавий илм-фан ютуқлари ва инновацион ёндашувлар, илғор технологиялар соҳага кенг татбиқ этилаётган бир пайтда бу натижалардан қониқиш ҳосил қилиб бўлмайди.
Шундан келиб чиқиб, акция давомида бундай ўткир муаммоларни тизимли ва манзилли ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини яхшилаш, олис ва чегара туманлар аҳолисининг соҳага доир муаммоларига ижобий ечим топиляпти.
Хоразмдаги сайёр тиббий қабуллар бу борада яна бир муҳим амалий қадам бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
Привет! Это комментарий.
Чтобы начать модерировать, редактировать и удалять комментарии, перейдите на экран «Комментарии» в консоли.
Аватары авторов комментариев загружаются с сервиса Gravatar.